«Челси»да довруғ қозонган Кот-д`Ивуар миллий жамоаси собиқ вингери Саломон Калу айни пайт Бразилияда ўйнамоқда. У FourFourTwo нашрига берган интервьюсида яшаш жойини нега ўзгартирганига алоҳида тўхталди ва Англиядаги фаолиятини ёдга олди.
— Саломон, «Челси»даги даврдан кўпроқ нималарни эслайсиз?
— Албатта қўлга киритилган совринларни. Ахир топ-футболчилар ҳамиша нималарнидир ютишга интилишади. «Челси»да 6 йил ўйнаган бўлсам, жамоа мудом катта унвонлар учун курашган. Бордию, АПЛда ишимиз юришмаса, ЧЛ ёки бошқа евротурнирга алоҳида ёндашардик. Агар муайян 1та ўйинни танлашни сўрасангиз, унда аввало, ЧЛ-2011|2012 чорак финалидан ўрин олган «Бенфика»га қарши баҳсни таъкидлайман. Бинобарин, Лиссабонда урган голим жамоага ярим финал йўлини очганди.
— Жозе Моуриньо сизни «Челси»да ўйнашга қандай кўндирганди? Эҳтимол, бундай қилишига ҳожат сезилмагандир…
— Ўйинимни кўриш учун Нидерландияга Жозенинг шахсан ўзи борганди. Тўғри, унинг стадионда эканлигини билмаганман ва бу фойдамга ишлаган. Акс ҳолда, босим остида қолардим. Хуллас, Моуриньо ўйиндан кейин агентим билан боғланган ва якунда иккимиз Лондонга йўл олдик. У ерда Жозе билан қандайдир уйда учрашдик, кўп ўтмай, Роман Абрамович ҳам келди ва биз самимий руҳда суҳбатлашдик. Улар нима учун айнан мен билан шартнома тузишга қарор қилишганини тушунтиришди, жамоада кўплаб совринлар ютиш учун ажойиб имкониятга эга бўлишимни айтишди. Хусусан, «Челси»нинг асосий мақсади — Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш эканлигини ҳам яширишмади.
— «Қандайдир уй» — у Моуриньога тегишли эканми?
— Йўқ, менимча, Абрамовичнинг саноғи йўқ уйларидан бири эди! Ўша учрашув якунида ҳеч қандай келишувга келганимиз йўқ, чунки «Фейеноорд» билан амалда шартномам бор эди. Очиқ гапирсам, аслида Испания футболини мўлжаллаб тургандим. Зеро, «Валенсия»дан кучли қизиқиш бор эди ва клуб вакиллари ҳаттоки, музокара олиб бориш учун Роттердамга ташриф буюришганди. Ўзим эса аллақачон испан тилини ўрганишга киришгандим. Шу орада Моуриньо мавсумдаги охирги 2та ўйинимни бевосита стадионда кузатди ва барча режаларим ўзгариб кетди.
— «Челси» базасига илк марта қўлингизда фотоаппарат билан кирганингиз ростми?
— Йўқ, жамоа билан дарҳол мавсумолди йиғини учун Лос-Анжелесга парвоз қилдим. Бу мен учун АҚШга биринчи сафар ва «Челси» таркибидаги илк машғулот эди. Табиийки, сафар ҳам, машғулотлар жараёни ҳам жуда муҳим саналган. Асосийси, ўзимдан яхши таассурот қолдиришим талаб этиларди. Барчасини эсдалик учун муҳрлаб қўйиш учун фотоаппарат олдим ва шу аснода жамоанинг сураткашига айландим-қолдим. Лос-Анжелесга боргач, кўплаб машҳур инсонлар иштирокида ўзига хос оқшом ташкиллаштирилди. Жамоадошларим эса мендан роса фойдаланишди: Снуп Дог, опа-сингил Уильямслар ёки яна кимдир билан суратга туширишимни сўраб, чарчатиб юборишди…
— «Челси» ЧЛ-2007|2008 финалида аламли мағлубиятга учради. Ўша пенальтилар сериясида ўз зарбангизни голга айлантиргандингиз. Якуний омадсиз нечоғли оғир ботди?
— Менимча, ўша финалда ғалабага муносиброқ эдик, ҳар ҳолда, «МЮ»га нисбатан анча яхши ўйнадик. Умуман, ғалаба қозонишга қаттиқ ишонгандик. Ахир финал Москвада бўлди, табиийки, Абрамович ўз ватанида ЧЛ кубогини бош узра баланд кўтаришимизни кўришга илҳақ эди. Афсус, на ишонч ва на кучли ўйин натижа берди. Яхшиямки, яна 4 йилдан кейин Мюнхенда мақсадга эришдик, барибир.
— Мюнхен финали ва ўша оқшом қандай ўтди?
— Бутун дунё бизга қарши турганди, гўё. Ҳарқалай, ҳеч ким ғалаба қозонишимизни кутмаганди. «Бавария»нинг таркиб бўйича биздан кучлироқ бўлганини ҳам тан олиш керак. Лекин «Челси»нинг ўзига хос жиҳати — бу энг катта қийинчиликларни бирга енгиш хусусияти. Хуллас, ҳамма бир-бири учун жон беришга тайёр турганди. Ўша оқшом муваффақияти сирларидан бири — шу.
— «Челси»да 6 йил давомида 250тадан ортиқ ўйин ўтказдингиз. Ваҳоланки, асосий таркибнинг муқим аъзоси саналмасдингиз. Бу даврда ўйнашда давом этишингизда айнан нима ёрдам берди?
— «Челси» учун муҳим ўйинчи бўлганимнинг исботи — «Челси»да бошдан ўтказганларим. Аслида Абрамович ўрнимга бошқа ҳужумчи сотиб олиши мумкин эди. Муҳими, майдонда тезкор ва тўғри қарор қабул қилишда оқсамадим. Яъни зарур паллада гол урдим ёки унга ассистентлик қилдим. Айни шу фазилатим ортидан жамоада 6 йил ўйнадим. Эсланг, таркибда Дидье Дрогба, Николя Анелька ва Фернандо Торрес каби топ-ҳужумчилар йиғилгандилар, лекин алоҳида, дахлсиз ўринга эга эдим. Чунки турли позицияларда бирдек ўйнай олардим. «Челси»га ўтишдан олдин, ҳеч қачон ҳужумчи ролини бажарган эмасман — бу позицияга мени биринчи марта айнан Моуриньо қўйди.
— Андре Виллаш-Боаш эса сиздан камдан-кам ҳолларда фойдаланди. Нега?
— Клубда ўзгаришлар рўй берди, янги футболчилар келишди ва ҳамма таркибдан жой олишга зўр берди. Қолаверса, шартномам муддати тугаётган ва Лондонда янги жамоа тузишни режалаштиришганди. Қисқаси, ўша режада менга жой берилмади.
— Ўзингизга қолса, фаолиятингизни жамоада давом эттиришни хоҳлармидингиз?
— Йўқ, «Челси»да 6 йил ўйнаб, деярли барча совринларга эга чиқдим. Демоқчиманки, муҳитни ўзгартириш, янгиликни синаб кўриш вақти етганди. «Челси» сафига 20 ёшда қўшилдим ва 27 ёшда кетдим. Охирги мавсум якунида ҳам шартнома муддатини чўзишни таклиф қилишди, лекин бошқа жойда бошланғич таркиб вакили сифатида ўйнашни истадим. Чунки янги тажрибага эҳтиёж сезгандим.
— «Челси» билан ЧЛда, Кот-д~Ивуар термаси сафида Африка чемпионатида зафар қучгансиз. Бу икки ғалаба ўртасидаги асосий фарқ нима?
— О, икки хил туйғу… Мамлакатингиз номидан ўйнаб, катта ютуққа эришиш бошқача, бунинг қувончини нимадир билан солиштириш қийин. ЧЛда ғалаба қозониш эса — юқори даража белгиси. Балки мухлисларга танлаш осонроқдир, лекин мен улардан бирини устун кўролмайман.
— «Фейеноорд»да ўйнаганингизда, Нидерландия фуқаролигини олишга ҳаракат қилган экансиз, аммо сизга рад жавоби беришган. Нега айнан Нидерландия терма жамоасида ўйнашни хоҳлагансиз?
— Чунки ҳаммасини шу мамлакатда бошлаган, футболга илк қадамни ҳам ўша ерда қўйганман. 15 ёшда «Фейеноорд» билан шартнома туздим, бунга қадар клуб академиясида шуғулландим, ривожландим. Клубда Рууд Гуллитдан сабоқ олдим, Нидерландия терма жамоасида эса Марко ван Бастен мураббий эди. Хуллас, фуқароликни олиш варианти айнан Гуллит ва ван Бастен ўртасидаги дўстлик таъсирида юзага келди. Тўғриси, мамлакат футболи тарихида ёрқин из қолдирган икки шахснинг мени терма жамоада ўйнашга ундагани чинакамига тўлқинлантириб юборганди.
— Кейинчалик Кот-д~Ивуар миллий жамоасини танлаб, унинг сафида 93 марта майдонга тушдингиз…
— Аслида ўйинларим сони 100тага етган. Бироқ статистик маълумотлар турлича: 93та, 99та… Ўзим эса Олимпиада ўйинларини ҳам қўшиб ҳисоблайман. Унга мувофиқ, жами 32та гол урдим, бу жонажон мамлакатим тарихидаги иккинчи ёки учинчи яхши кўрсаткичдир. Асосийси, бунга қанотда ўйнаган ҳолда эришдим — терма жамоада ҳеч қачон яққол ҳужумчи ролида ўйнамаганман. Айниқса, мен учун дебют саналган Африка Миллатлар кубоги ажойиб ўтганди. Ўша турнирда 3та гол урдим — бу ўзгача бир тарихнинг бошланиши эди. Кейин миллий жамоа билан 2та мундиалда қатнашдим.
— Кот-д~Ивуар термаси «олтин авлоди» билан Африкада тенгсиз бўлиш қандай туйғуларни бағишлаганди?
— Терма жамоага борсам, ўзимни худди «Челси»да ўйнаётгандек ҳис қилардим. Чунки таркибда узоқ вақт бирга тўп сураётган бир гуруҳ йигитлар жамланишганди. Яя Туре, Жервиньо, Коло Туре ва мен битта академия — ASEC Mimosas тарбияланувчиларимиз. Ўзингиз яхши биладиган футболчи билан бирга ўйнаш нақадар яхши ва осон.
— Кот-д~Ивуар футболидаги иқтидорларни назар тутсак, терма жамоангиз мундиалда яхшироқ натижа қайд этиши керакмиди?
— Ҳа, кўпроғига муносиб эдик. Дейлик, 2010 йили ҳар томонлама чўққида эдик. Бразилия-2014да ҳам ҳолатимиз чакки эмасди. Бироқ ҳар икки ЖЧда нималардир ўхшамади ёки хато кетди…
— «Челси»дан кетгач, «Лилль» ва «Герта» клубларида кўплаб голлар урдингиз, «жокер» эмас, асосий таркиб ўйинчиси ролида.
— Футбол — ўйиндан завқ олиш демакдир. Ўзи «Лилль» сафига айнан кўпроқ ўйнаш илинжида ўтгандим. Янада муҳимроғи, Францияда ўзим ёқтирган позицияда ҳаракатландим.
— Франция ва Германия чемпионатларининг АПЛдан фарқли томони нима?
— Турли лигалар… Улар ўртасида асосан жисмоний ва тактик жиҳатдан фарқ сезилади. Германияда жамоалар ҳужумга ўтиш учун энг мақбул вақтни сабр билан кутади, Францияда жисмоний кўрсаткичлар баланд. Англияда эса бутун 90 дақиқа давомида ҳужумни ўйлашади.
— Ҳозир «Ботафого»дасиз. Бу танловингизни қандай изоҳлайсиз?
— Табиатан ҳар доим саргузаштларга мойилман. Бошқа мамлакатда ўйнаш, турли одамлар билан танишиш воситасида кўп нарса ўрганиш мумкин. Қисқаси, Бразилияга бошқача футбол томоша қилиш ва ўйнаш учун юзландим.
Бошқа янгиликлар
Фрэнкнинг вақти етармикан?
Лэмпардга битта трансфер ойнаси камлик қилади. Битта савол туғилади: Фрэнкнинг вақти етармикан?
11.10.2020
«Челси»ни бошқараётган Special One Марина Грановская
Бу аёл «Челси» мухлисларининг ҳурматига сазовор бўлган, у АПЛ юлдузлари томонидан қадрланади
17.10.2020
«Челси»нинг 9-рақам эгалари
Ҳасселбайнкдан Лукакугача: «Челси»нинг ХХI асрдаги 9-рақам эгалари
09.09.2021