Лондоннинг “Челси” жамоасида сўнгги пайтларда африкалик легионерлар ўз ўринларига эга бўлиб, мухлисларнинг суюклисига айланишмоқда. Биз “Аристократ”лар тарихидаги энг яхши 5 нафар Африкалик ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Селестин Бабаяро (Нигерия)
1997-йилда “Челси” “Андерлехт”нинг 20 ёшли ярим ҳимоячисини 2, 25 млн. фунт стерлинг эвазига ўз сафига қўшиб олди. Бабаяро клуб шарафини 2005-йилга қадар ҳимоя қилди. У бу давр ичида барча мсуобақаларда 197 ўйинда иштирок этиб 8 та голга муаллифлик қилди. Селестин 8 мавсум давомида бир мартадан УЕФА суперкубоги, кубок эгалари кубоги ва Англия кубогида зафар қучди. Бабаяро 2005-йилда “Ньюкасл” клубига ўтиб кетди.
Майкл Эссен (Гана)
Бабаяро кетгач, “Челси” “Лион”дан яна бир африкаликни сотиб олди. Эссен 2005-2014 йиллар давомида “Аристократлар” шарафини муносиб ҳимоя қилди. Ганалик ярим ҳимоячи 8 мавсум давомида 252 учрашувда 25 гол урди ва жамоа билан бирга 4 бора Англия кубогида, 2 маротаба Премьер лигада ва бир мартадан Лига кубоги, Англия суперкубоги ва Чемпионлар лигаси ғолибига айланди. Шунингдек Майкл 2007 йили “Челси” мухлислари томонидан мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилган бўлса, 2006 йилда BBC версияси бўйича Африка қитъасида энг яхши футболчи деб эътироф этилди. 2007 ва 2010 йиларда эса “Челси”нинг мавсумдаги энг яхши голига муаллифлик қилган. Эссен Премьер лига тарихидаги энг яхши ганалик футболчидир.
Саломон Калу (Котд’Ивуар)
Калу “Челси”га 2006-йилда Голландиянинг “Фейеноорд” жамоасидан келди. Саломон 2006-2012 йиллар давомида “кўклар” таркибида 254 баҳсда иштирок этиб, 60 та тўп киритиб, 40 та голли узатмани амалга оширди. Котд’Ивуарлик ҳужумчи 6 мавсум давомида 4 марта Англия кубогини, бир мартадан Премьер лига чемпионлиги, Англия Лига кубоги, суперкубоги ва Чемпионлар лигасини қўлга киритди. Калу 2012-йили “Челси”ни Франциянинг “Лилл” жамоасига алмаштирди.
Дидье Дрогба (Котд’Ивуар)
2004 йилда “Челси” Франциянинг “Марсель” жамоасидан ўз тарихидаги энг сермаҳсул футболчига айланадиган Дрогбани сотиб олди. Дидье футболда кеч очилди. У 29 ёшига келиб ҳақиқий тўпурарга айланган эди. Котд’Ивуарлик ҳужумчи “Аристократлар” таркибида 2004-2012 йиллар давомида тўп сурди. Шундан сўнг у Хитойнинг “Шанхай Шенхуа” ва Туркиянинг “Галатасарой” жамоалари сафида тўп суриб 2014-йилнинг ёзида яна Лондонга қайтиб келди ва суюкли жамоаси либосида яна бир мавсумни ўтказди. Дрогба “кўклар” таркибида 164 та гол киритди. Бунинг учун у 381 та учрашувда иштирок этишига тўғри келди. Дидьенинг жамоавий совринлари бошқа африкаликларникига қараганда салмоқли. У 4 мартадан Англия чемпионати ва кубогида, 3 бора Лига кубоги, 2 марта суперкубок ва бир марта Чемпионлар лигаси бош совринига сазовор бўлди. Шахсий ютуқларининг сони эса 26 тани ташкил этди. Дарвоқеа, Дрогба “Челси” таркибида 9 та (!) рекорд ўрнатган.
Жон Оби Микел (Нигерия)
Нигериялик ярим ҳимоячи 2006 йилда Норвегиянинг икки карра чемпиони ҳисобланадиган “Люн” жамоасидан “Челси”га йўл олди. У ҳозирга қадар “Аристократлар” учун 343 учрашувда 5 та гол урди. Микел гол уришни хуш кўрадиганлардан эмас, бироқ у жамоада энг кўп меҳнат қиладиган футболчилардан биридир. Жон ҳозиргача Лондонликлар билан 6 та турнирда 11 та совринни қўлга киритди. 2007 ва 2008 йилларда “Челси”нинг энг яхши ёш футболчиси, 2013-йили эса Нигерияда йил спортчиси деб эътироф этилди.
Бошқа янгиликлар
Жим Рэтклифф - «Челси»ни сотиб олишга даъвогар
Буюк Британиянинг энг бой фуқароси Жим Рэтклифф — «Челси»ни сотиб олишга даъвогар. Энг қизиғи, у аслида «МЮ» мухлисидир.
28.03.2019