Дунё футболида 9-рақам буюк тўпурарларнинг рақами сифатида маълум. Ушбу рақам остида тўп тепган Ди Стефано, Роналдо, Батистута каби бир қатор футбол афсоналарини биламиз. Ёзги трансферлар ойнаси вақтида «Челси» Ромелу Лукакуни таркибига қўшиб олди ва белгиялик футболчи орзусидаги жамоада 9-рақамда ўйнашга қарор қилди. Қизиғи шундаки, «аристократлар» сафида ушбу рақам остида тўп тепган аксарият футболчилар муваффақиятсизликка учрайди. Келинг, асримиз бошидан буён Лондон «кўклар»ида 9-рақамни кийган футболчиларни эслаб кўрамиз.
Жимми Флойд Ҳасселбайнк - 2000-2004
Клуб сафида: 177та ўйин, 88та гол
2000 йилда «Челси» Ла Лигадан тушиб кетаётган «Атлетико»дан тўпурари Ҳасселбайнкни сотиб олади. 15 млн фунт-стерлингга нидерландиялик футболчини харид қилган лондонликлар ўша вақтдаги клуб рекордини янгилашганди.
Айтиш керакки, сарфланган пуллар ўзини оқлади. Жимми Жанфранко Зола ва Эйдур Гудьонсен каби «Челси» юлдузларига яхши шерик бўла олди. Дебют мавсумининг ўзида Премьер-лига тўпурари бўлди. Жамоа таркибидаги умумий статистикаси ҳам чакки эмас - ҳар икки ўйинда битта гол.
Матея Кежман - 2004/2005
Клуб сафида - 41та ўйин, 7та гол
«ПСВ»да ўйнаган кезларида Европанинг энг хавфли ҳужумчиларидан бири бўлиши тахмин қилинган сербиялик футболчи ўзини кучлироқ лигада синаб кўриш учун «Челси»га келади. Сўнгги 122та ўйинида 105та гол урган футболчи учун 5 млн фунт-стерлинг тўлаш «Челси» учун жуда ажойиб натижа эди. Лекин Кежман АПЛда Эпедивизиядаги ўйинларини такрорлай олмади. Биринчи мавсумни тугатмасиданоқ, Матеянинг клубни тарк этиши аниқ бўлиб улгурганди. «Челси» таркибида амалга оширган энг эсда қоларли иши 2005 йилги Лига Кубоги финалида «Ливерпуль» дарвозасига гол ургани бўлса керак. Таъкидлаш жоизки, бу Жозе Моуриньонинг Лондон клуби билан ютган илк титули эди.
Эрнан Креспо - 2005-2006
Клуб сафида: 73та ўйин, 25та гол
Ўз вақтида дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиларидан бири ҳисобланган Эрнан Креспонинг Италиядаги фаолияти анча ёрқин кечганди. «Парма», «Лацио» ва «Интер»даги 7 йилликдан сўнг, у фаолиятини Англияга кўчиришга қарор қилади.
Клуб уни 2003 йилда харид қилганди. Биринчи мавсумини жароҳатлар гирдобида ўтказишга мажбур бўлган Креспо 2004/2005 йилги мавсум аввалида «Милан»га ижарага бериб юборилади. Мавсум охирида аргентиналик футболчи Истанбулдаги мўъжизавий финалда икки маротаба гол уради. Ҳа, бу миланликларга ғалаба келтирмайди, бироқ Эрнан ўз номини тарихий финал таблосига ёздириб қўяди.
Келгуси мавсум «Челси»га қайтиб, жамоа билан Премьер-лига ғолиблигини қўлга киритади. Лекин очиғини айтиш керакки, Креспонинг «аристократлар» таркибидаги йиллари ўз даражасига мос ўтмаганди.
Холид Булахруз - 2006/2007
Клуб сафида - 20та ўйин, бирорта гол ура олмаган
Баъзида футболда рақамлар позицияларга мос келмаслиги мумкин. 2006 йилда Креспонинг «Интер»га ижарага бериб юборилганидан сўнг, 9-рақамни ҳимоячи Холид Булахрузга беришга қарор қилишади.
Лекин келиб чиқиши Марокашдан бўлган нидерландиялик футболчининг «Челси»даги саргузаштлари узоққа чўзилмади. Келгуси мавсум у «Севилья»да ижара асосида ўйнайди. Кейин эса «Штутгарт»га сотиб юборилади.
Стив Сидуэлл - 2007/2008
Клуб сафида - 25та ўйин, битта гол
Сидуэлл ҳам Холид сингари марказий ҳужумчи эмасди. У марказия яримҳимоячи сифатида ўйнарди. «Челси»да 9-рақамли афсоналарнинг йўқлиги клубнинг ушбу рақам эгаларини эътибор билан танламаслигидан бўлиши ҳам мумкин.
2006/2007 йилги мавсумни «Рединг» таркибида ажойиб ўтказган Сидуэллга «Челси»дан таклиф тушади. Ушбу трансфернинг муваффақиятсиз чиққани Абрамовични хафа қилмаса керак. Чунки у текинга амалга оширилганди.
Франко Ди Санто - 2008/2009
Клуб сафида - 16та ўйин, бирорта гол ура олмаган
Чилининг «Аудакс Италиано»си сафидаги ҳаракатлари эвазига умидли футболчилардан бири сифатида қаралган Ди Сантони «Челси» 2008 йилда харид қилади.
Ушбу мавсум Премьер-лигада ўтказган 16та ўйинида аргентиналик футболчи, асосан, захирадан ўйинга қўшилган. Келгуси мавсумда Карло Анчелотти уни «Блэкберн»га ижарага бериб юборади. Кейинчалик Ди Сантони «Уиган» тўлиқ сотиб олади ва футболчи ушбу клубда 2013 йилги Англия Кубогини ютади.
Фернандо Торрес - 2011/2014
Клуб сафида - 172та ўйин, 45та гол
Дидье Дрогба сўзсиз «Челси»нинг ҳужумдаги тимсоли эди. Лекин 2011 йилда «аристократлар» ивуарлик афсонасиз қолишга тайёрланиб боришни мақсад қилишди ва қишки трансферлар ойнасининг сўнгги кунида «Ливерпуль» юлдузи Фернандо Торресни ўша пайтдаги Премьер-лига рекорди - 50 млн фунт-стерлингга харид қилишди.
Ҳа, у «Челси» сафида бир қатор ёрқин ўйинларни ўтказа олди. 2012 йилги ЕЧЛ яримфиналидаги «Барселона»га қарши беллашув шундайлардан бири. Лекин умуман олганда, «Эль-ниньо» ўзининг юлдузли онларини «Энфилд»га ташлаб келганди.
Радамель Фалкао - 2015/2016
Клуб сафида: 12та ўйин, битта гол
Фалкао «Челси»дан аввал «Манчестер Юнайтед»да ҳам ижара асосида ўйнаб кўрган ва муваффақиятсизликка учраган эди. Лекин Моуриньо колумбиялик футболчини ўз жамоасида очилиб кетишига ишонди чоғи, уни «Монако»дан ижарага олиб келди. Лекин Лондон клубида ҳам Радамель деярли ҳеч нарса қила олмади.
«Атлетико»да ўйнаган кезларида у юлдуз эди ва Диего Коста ўзига имконият берилишини кутиб, захирада ўтирарди. «Стэмфорд Бридж»да эса улар ўринларини алмашдилар.
Альваро Мората - 2017/2019
Клуб сафида: 72та ўйин, 24та гол
Трансфер шов-шувлари ўз йўлига, АПЛдаги дастлабки 11та ўйинда 8та гол ва 4та ассист амалга оширган Моратага «олтин бутса» учун асосий даъвогар сифатида қарала бошланганди. Гўёки узоқ йиллар ўзига мос футболчини кутган 9-рақам ваниҳоят керакли футболчи либосида пайдо бўлгандек эди. Лекин шахсий муаммолар ва жароҳатлар Альваронинг фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди. Келгуси мавсум айбни рақамдан қидирган испан форварди футболкасидаги сонни 29га ўзгартиради. Бу ҳам фойда бермагач, «Атлетико»га 2 йиллик ижара асосида йўл олади. «Матрасчилар» билан тўлиқ шартнома тузганидан кўп ўтмай, уни собиқ клуби «Ювентус» ижарага олди.
Гонсало Игуаин - 2019
Клуб сафида: 19та ўйин, 5та гол
2019 йилнинг қишида «Челси» Гонсало Игуаинни мавсум сўнгигача ижарага олишга қарор қилади. 9-рақамни танлаган футболчи аввалига яхши ўйинлар кўрсатади. Бироқ ярим мавсумлик фаолияти умумий олганда муваффақиятсиз ўтди. Аргентиналик футболчи «Ювентус» нега уни аввалроқ «Милан»га ижарага бериб юборганини тушунтириб берди. Унинг фаолияти шу пайтларда пастлай бошлаганди. Ҳозирда Игуаин АҚШда тўп тепмоқда.
Тэмми Абраҳам - 2019/2021
Клуб сафида: 82та ўйин, 30та гол
Баъзилар Тэмми Абраҳам ўзидан олдинги 9-рақамлиларнинг нохуш сериясини буза олди, деб ҳисобламоқда ва бунда қайсидир маънода асос ҳам бордек. У «Астон Вилла»даги ижарадан қайтгач, ушбу рақамни олди. Ёш бўлишига қарамай, болаликдан тўп тепган клубида бир қанча голларни уришга эришди.
Ушбу ёзги трансферлар ойнаси вақтида «Рома» Тэммини 34 млн фунт-стерлинг эвазига харид қилди. Демак, у «аристократлар» таркибида шунга арзийдиган фаолият олиб борган.
Ушбу мавсумдан эътиборан, 9-рақам Лукакуга тегишли. У «Челси»да ушбу рақамнинг обрўсини кўтара оладими ёки унинг навбатдаги «қурбон»ига айланадими? Буни вақт кўрсатади.
Бошқа янгиликлар
Миллатлар Лигаси керакми?
Англия премьер-лигаси 2020/21 йилги мавсуми Англия кубоги, суперкубоги ва Миллатлар Лигасидан кейин старт олади.
29.08.2020
Фрэнкнинг вақти етармикан?
Лэмпардга битта трансфер ойнаси камлик қилади. Битта савол туғилади: Фрэнкнинг вақти етармикан?
11.10.2020
«Челси»ни бошқараётган Special One Марина Грановская
Бу аёл «Челси» мухлисларининг ҳурматига сазовор бўлган, у АПЛ юлдузлари томонидан қадрланади
17.10.2020